Сенат қўмитасида болалар, ёшлар, хотин-қизлар билан боғлиқ долзарб масалалар кўриб чиқилди
“Ўзбекистон-2030” стратегияси лойиҳаси муҳокамаси давом этмоқда. Унда ижтимоий соҳага оид қатор муҳим мақсадлар белгиланган.
Хусусан, ота-она қарамоғисиз қолган болаларни тарбиялашда 100 фоиз муқобил шаклларни жорий этиш, “Аёллар дафтари” орқали камбағалликдан чиқарилган хотин-қизлар улушини 70 фоизга етказиш кўзда тутилган.
Тадбиркор аёлларга эҳтиёжманд хотин-қизларни бириктириш орқали улар касбга ва барқарор даромад манбаига эга бўлишига эришиш ҳамда 100 минг нафар хотин-қизнинг имкониятларини ошириш каби вазифалар ҳам белгиланган.
Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлисида шу ҳақда гап борди. Маданият ва спорт соҳаларида ҳам кенг кўламли режалар белгилангани қайд этилди. Жумладан, маданий мерос объектларини сақлаш учун давлат бюджетидан ажратиладиган маблағларни 30 фоизга ошириш, 2,5 минг археологик ашёни давлат каталогига киритиш, 1,1 миллион музей ашёсини рақамлаштириш режалаштирилган.
Ёшлар ўртасида ишсизлик даражасини 15 фоиздан 11 фоизга тушириш, 2030 йилга қадар саноат соҳасини ривожлантириш ҳисобига қўшимча 400 минг нафар ёшни иш билан таъминлаш чоралари назарда тутилган.
Мажлис давомида Стратегия лойиҳаси юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Сенатнинг тегишли қарори асосида вояга етмаган болалар таъминоти учун алимент ундириш ва тўлаш тизимини такомиллаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари ҳам муҳокама қилинди.
Таҳлил натижасида айрим масалалар тўлиқ ечимини топмагани маълум бўлди. Хусусан, доимий иш жойига эга бўлмаган ёки даромади аниқланмаган алимент тўловчилардан алимент ундириш тартибини такомиллаштириш, “Алимент тўловлари” жамғармаси ҳисобидан тўлаб берилган маблағларни қарздорлардан ундириш, шунингдек, “Болаларга алимент ундириш ва оилани таъминлашнинг бошқа шаклларининг халқаро тартиби тўғрисида”ги Гаага конвенциясига қўшилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.
2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳам таҳлил қилинди. Маълум қилинганидек, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш, хотин-қизларнинг иқтисодий ҳамда ижтимоий шароитларини яхшилашга қаратилган 15 норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган. Миллий кадрлар захирасида хотин-қизлар салмоғи аввалги йилларга нисбатан 2 баробарга оширилиб, 27 фоизга етган.
Очиқ гендер маълумотлари индексида Ўзбекистон энг яхши 20 та давлат қаторига кирган. Гендер тенглик ва бошқарув индексида эса мамлакатимиз ўз ўрнини 103-ўриндан 52-ўринга кўтариб, 51 поғонага яхшилаган.
Мажлисда давлат хизматида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, ННТлар салоҳиятини ошириш, гендер сиёсатини амалга оширишда улар иштирокини кенгайтириш, шунингдек, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларни ҳимоя қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.
Мажлис доирасида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ҳукуматга киритилган таклифларнинг келгусидаги ижросини таъминлаш юзасидан атрофлича ва танқидий муҳокама ўтказилиб, аниқ вазифалар белгиланди.
Н.Абдураимова,
ЎзА
Ўзбекча
English
Русский