Фақат давлат хизматчиларини улардан сўрамаган ҳолда расм, видеога олиш ва уни тарқатиш мумкин бўлади
Адлия вазирлиги томонидан “Шахсларнинг тасвирга бўлган ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Қиличев мазкур лойиҳа мазмун-моҳияти ҳақида маълумот берди:
– Лойиҳа кишиларнинг шахсий дахлсизлик ҳуқуқи ҳимоясини кучайтириш ва ўз тасвирига бўлган ҳуқуқларини мустаҳкамлаш мақсадида ишлаб чиқилди.
Лойиҳани ишлаб чиқишга охирги 3 йилда шахсга маънавий ёки моддий зарар етказиши мумкин бўлган маълумотларни ошкор этиш, шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузишга оид маъмурий ҳуқуқбузарлик 2,5 баравар, бу борадаги жиноят ишлари салкам 40 фоизга ошгани сабаб бўлди.
Хусусан, шахслар тўлиқ ёки қисман яланғоч бўладиган жойларда ҳам кузатув камералари ўрнатилмоқда ва айрим ҳолларда ундаги тасвирлар интернетда тарқатилмоқда.
Масалан, дўконларнинг кийим алмаштириш хоналари, ҳаммомлар, ётоқхоналар, айрим тиббиёт хоналарида (масалан, “UZI” текшируви учун мўлжалланган) ўрнатилган видеокузатув камералари кўплаб эътирозларни келтириб чиқармоқда.
Бу сингари ҳолатларнинг олдини олиш учун Адлия вазирлиги томонидан амалдаги миллий қонунчилик ва 30 га яқин хорижий давлат, жумладан, Германия, Франция, Буюк Британия, АҚШ тажрибаси ўрганилиб, Фуқаролик, Меҳнат ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Лойиҳа билан умумий қоида тариқасида, ҳар қандай кишининг фото ёки видео тасвиридан фойдаланиш учун унинг розилиги талаб қилиниши, агар шахс 16 ёшдан кичик бўлса, унинг ота-онаси розилик бериши тартибини ўрнатиш таклиф этилмоқда.
Қуйидаги ҳолатларда эса тасвирдан фойдаланиш учун ҳеч қандай розилик талаб қилинмайди: тасвирдаги кишига нисбатан қидирув эълон қилишда; жамоат жойларида, оммавий тадбирларда кишини шахсни тасвирга олишда; маъмурий ҳуқуқбузарлик, жиноят ҳақида хабар беришда; тасвир унинг эгаси томонидан ҳамма фойдалана оладиган очиқ манбаларга, айтайлик, Интернетга жойлаштирилган бўлса; жамоат тартибини сақлаш, хавфсизликни таъминлаш мақсадида видеокузатув тизимлари орқали шахсларни тасвирга олишда.
Шу билан бирга, давлат хизматчиларини уларнинг розилигисиз тасвирга олиш мумкинлиги белгиланмоқда. Яъни, ўз хизмат вазифасини бажараётган давлат хизматчиларини улардан сўрамаган ҳолда расм, видеога олиш ва уни тарқатиш мумкин бўлади.
Бундан ташқари, кишилар қисман ёки тўлиқ кийимсиз бўладиган жойларда видеокузатув камераларини ўрнатиш ва шахсларни тасвирга олиш тақиқланмоқда.
Жамоат жойларида видеокузатув тизимлари ўрнатилса, бу ҳақда аниқ ва барчага тушунарли огоҳлантирувчи белги ўрнатилиши шарт.
Қонунни қўллаш турли талқинга сабаб бўлмаслиги учун жамоат жойи тушунчасига таъриф берилмоқда. Меҳнат кодексида ходимни тасвирга олиш, ушбу тасвирлардан фойдаланиш учун ходимни олдиндан огоҳлантириш ва розилигини олиш тартиби белгиланмоқда.
Лойиҳа билан шахсий ва оилавий сирларни ташкил этувчи ахборотни тўплаш ёки тарқатиш мақсадида ахборотни яширинча олишга мўлжалланган техника воситаларидан фойдаланиш учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ушбу нормани киритиш зарурати шундаки, меҳмонхоналар, ётоқхоналарга яширин камералар ўрнатилиб, кишиларнинг ҳаддан ташқари шахсий сирларини уларнинг розилигисиз ва хабарисиз тўплаш ҳоллари кузатилмоқда.
Лойиҳа аҳолининг фикр ва мулоҳазалари асосида такомилига етказилиб, юқори турувчи органларга киритилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА
- Қўшилди: 23.05.2025
- Кўришлар: 739
- Чоп этиш