Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизими такомиллаштирилмоқда

Сенатнинг олтинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Қонун муҳокама қилинди.

Сенаторлар томонидан ушбу Қонунни қабул қилиш заруратига алоҳида аҳамият қаратилди. Хусусан, бу ижро ҳужжатларини электрон тарзда шакллантириш, улар бўйича пул маблағларини автоматлаштирилган тарзда тақсимлаш ва ундирувчига давлат ижрочисининг аралашувисиз ўтказиш имконининг мавжуд эмаслиги, фуқаролардан қарздорлик учун ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган энг кам кафолатланган даромад миқдорининг белгиланмаганлиги, давлат ижрочиларида ижро ҳаракатларини амалга оширишда мобил видеокузатув воситаларидан фойдаланиш ҳуқуқининг мавжуд эмаслиги, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун мансабдор шахсларга белгиланган маъмурий жазоларнинг содир этилган қилмишга мутаносиб эмаслиги билан изоҳланади.

Муҳокама жараёнида шу каби масалаларни тартибга солишга қаратилган мазкур Қонун сенаторлар томонидан ижобий баҳоланди. Қонунда ундирувчи жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини ва ундирувчи юридик шахснинг солиқ тўловчи идентификация рақамини ижро ҳужжатида кўрсатиш назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, мазкур ҳужжатда қарздор жисмоний шахсларнинг банклардаги ёки бошқа кредит ташкилотларидаги ҳисобварақларида ҳамда омонатларида турган ёки сақлашга қўйилган пул маблағларига ундирув қаратилиши лозим бўлган пул маблағлари миқдорини аниқлашда меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг ярми миқдоридаги пул маблағлари ҳисобга олиниб, уларга нисбатан ундирув қаратилмаслиги мустаҳкамланмоқда.

Шунингдек, давлат ижрочисининг ижро ҳаракатларини амалга оширишда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ мобил видеокузатув воситаларидан фойдаланишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Қонун билан Фуқаролик процессуал ва Иқтисодий процессуал кодексларига ҳамда Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш билан боғлиқ қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Қонуннинг яна бир аҳамиятли жиҳати. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 1982-моддасида айрим турдаги суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун назарда тутилган жарималар миқдорлари оширилмоқда.

Сенаторлар томонидан ушбу Қонун фуқаролар, жамият ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда инсон омилини камайтиришга, мажбурий ижро этиш тизимини янада такомиллаштиришга хизмат қилиши алоҳида қайд этилди.

Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech