Тойво Клаар: Биз Ўзбекистондаги фуқаролик жамияти ташкилотларини қўллаб-қувватлаймиз

Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси томонидан “Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги фуқаролик жамияти ташкилотларини қўллаб-қувватлаш” ташаббуси доирасида бешта янги фуқаролик жамияти лойиҳаси ишга туширилгани маълум қилинди. Бу ҳақда ЕИнинг мамлакатимиздаги элчиси Тойво Клаар қуйидагича фикр билдирди:

– Кейинги йилларда Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик ҳар томонлама ривожланиб бормоқда. Бугун ЕИ томонидан молиялаштирилаётган бешта янги фуқаролик жамияти ташаббусининг ишга туширилиши ҳам бунга ёрқин мисолдир. Ушбу лойиҳаларнинг умумий қиймати тахминан уч миллион еврони ташкил этади. Мазкур ташаббуслар  ишонч, ҳамкорлик ва алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадини ҳам кўзда тутади. Чунки фуқаролик жамияти ташкилотлари Ўзбекистоннинг ислоҳотлар йўлининг муҳим таркибий қисмларидан бири ҳисобланади. ЕИ эса фуқаролик жамиятини демократия ва фаровонликнинг асосий устуни, деб билади.

Бу лойиҳалар фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рақамли ҳуқуқлар соҳасида янги имкониятлар яратишга қаратилган бўлиб, турли халқаро ва маҳаллий ташкилотлар ҳамкорлигида татбиқ этилади. Уларни Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Наманган, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё ва бошқа ҳудудларда амалга ошириш режалаштирилган.  

Хусусан, "Ўзбекистонда аёллар ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтиришда фуқаролик жамиятини кучайтириш" лойиҳаси ACTED халқаро ташкилоти томонидан “Оқ елкан” ижтимоий ҳимоя ва таълим маркази, Қашқадарё вилояти “Юксалиш” ахборот ва маслаҳат-ресурс маркази ҳамда “NIHOL” ННТ маркази билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Шунингдек, "Инсон ҳуқуқларини татбиқ қилиш, таълим ва ҳуқуқий ривожланишни кучайтириш" лойиҳаси Халқаро юристлар комиссияси (ICJ) ва Стратегияни ривожлантириш маркази ҳамкорлигида йўлга қўйилади. "Инсон ҳуқуқлари амалда: ёшлар ва фуқаролик жамияти ташкилотлари билан биргаликда ўзгаришлар учун ҳаракат" лойиҳасини эса “Deutscher Volkshochschul-Verband e.V.” (DVV) ва “Барқарор ҳаёт” халқаро ижтимоий-маърифий маркази билан бирга ҳаётга татбиқ этиш кўзда тутилган.  

Замонавий журналистикани ривожлантириш маркази (MJDC) ва Қозоғистондаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот маркази ҳамкорлигида "Ўзбекистонда рақамли ҳуқуқлар ва медиа ташаббуси" лойиҳаси амалга оширилади. Бундан ташқари, “Ўзбекистонда инклюзив жамият тараққиёти учун фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси Конрад Аденауэр фонди (Konrad-Adenauer-Stiftung – KAS) томонидан “Юксалиш” ҳаракати билан ҳамкорликда йўлга қўйилади.

Ушбу лойиҳалар Ўзбекистонда фуқаролик жамиятининг ривожланиши, инсон ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши ва рақамли соҳадаги қонунчиликни мустаҳкамлашга қаратилган муҳим қадамлардир. Эътиборлиси, биз  Ўзбекистондаги фуқаролик жамияти ташкилотларини қўллаб-қувватлаймиз.

ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech