Уй ҳужжатларини онлайн текшириш имкони яратилди
Бугунги кунда қурилиш бозорида фаолият юритаётган айрим номувофиқ ташкилотлар туфайли фуқароларнинг уй-жой хариди билан боғлиқ шикоятлари кўпаймоқда. Ҳеч кимга сир эмас, ҳали фойдаланишга топширилмаган ёки ҳужжатлари расмийлашмаган уйлардан хонадон сотиб олиб, кўплаб одамлар моддий ва ҳуқуқий талафот кўрмоқда.
Энди фуқаролар бундай ҳолатлардан эҳтиёт бўлиши учун уйнинг ҳужжатлари ва қурилиш ташкилотининг ишончлилигини онлайн тарзда текшириш имконияти яратилди.
Янги қурилаётган кўп қаватли уйдан хонадон сотиб олмоқчи бўлганлар энди “Шаффоф қурилиш” ахборот тизими — nazorat.mc.uz орқали қурилиш ташкилотлари ҳақидаги расмий маълумотларни билиб олишлари мумкин.
Мазкур платформа Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қурилишда давлат назорати ахборот тизими ҳисобланади. У орқали қурилиш соҳасидаги пудрат ташкилотларининг лицензияси, амалга оширган лойиҳалари, фойдаланишга топширилган объектлар сони ҳамда давлат назоратидан ўтган-ўтмагани ҳақидаги маълумотлар очиқ тарзда тақдим этилади.
Бу тизимдан фойдаланишда қурилиш ташкилоти номини ёки лицензия рақамини nazorat.mc.uz сайтига киритасиз. Тизим сизга компания ҳақидаги маълумотни — унинг фаолияти, тажрибаси ва амалга оширилаётган лойиҳаларини кўрсатади.
Агар маълумотлар мавжуд бўлмаса ёки номувофиқлик аниқланса, бундай компания билан шартнома тузиш тавсия этилмайди.
Бу тизим фуқароларни ишончсиз қурилиш компанияларидан ҳимоя қилади. Бозорда шаффофлик ва рақобатни таъминлайди. Қурилиш сифатини назорат қилишга хизмат қилади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА
Ўзбекча
English
Русский