Варшава метросида кутубхона очилди

Варшава метросида йўловчиларни смартфондан чалғитиш мақсадида “экспресс кутубхона” очилди.
Шу ҳафта пойтахтнинг Таргувек тумани М2 йўналишидаги "Kondratowicza" бекатида ишга тушган замонавий "Metroteka" ҳудудида катталар ва болалар учун икки алоҳида мутолаа майдони, шунингдек оммавий ўқиш ва тадбирлар учун жой тайёрланган.

150 квадрат метр майдонда 16 000 га яқин китоб мавжуд. Китобхонлар учун бирор асарни махсус чип ёрдамида "экспресс" кассадан олиш ва шу тартибда ёки ташқарида жойлашган 24 соатлик китоб тушириш қутиси орқали қайтариш имкони яратилган.

Ташриф буюрувчилар умумий майдонда ўқиши ёки ишлаши, интернет учун ноутбукни ижарага олиши, бепул қаҳва ёки иссиқ шоколаддан баҳраманд бўлиши мумкин.

 

Мажмуа таркибида турли хонаки гуллар ўстирилган боғ ҳам бор.

Экспресс кутубхонада биринчи куннинг ўзидаёқ 400 дан кўп китоб, жумладан ўқув адабиёти, саёҳат бўйича қўлланма ва бошқа турдаги адабиёт намуналари тарқатилди.

Польша Миллий кутубхонаси томонидан ўтказиладиган йиллик сўров шуни кўрсатдики, охирги йилда респондентларнинг атиги 41 фоизи камида битта китоб ўқиган. Бу ўтган аср 90-йиллари охири ва 2000-йиллар бошига нисбатан 50 фоиз паст кўрсаткич. Зеро, ҳозир одамлар асосан телевизор ёки телефонга суяниб қолган.

М.Пирматова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech