Венада хотин-қизларнинг тинчлик ташаббуслари муҳокама қилинди

Вена шаҳрида “Ёш хотин-қизлар тинчлик учун: Марказий Осиё хотин-қизларининг имкониятларини кенгайтириш” ташаббуси (YW4P) якуний сессияси бўлиб ўтди.

Унда Европа Иттифоқи, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) делегациялари ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари парламентлари аъзолари қаторида Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Орзигул Қозихонова ҳам иштирок этди. 

Тадбирда хотин-қизларнинг мустақил қарор қабул қилиш кўникмаларини ривожлантириш, экологик барқарорликни таъминлаш ва жамиятда хотин-қизларнинг роли ҳақида маърузалар эшитилди. Иштирокчилар YW4P ташаббусининг долзарб йўналишлари ва натижаларини атрофлича муҳокама қилди.

Давлат ва халқаро ташкилотлар томонидан хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқий базани такомиллаштириш ва молиявий ёрдам кўрсатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

О.Қозихонова Ўзбекистонда хотин-қизларга яратилган шароит ва имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берди. Жумладан, мамлакатимизда 2022 йилда “Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик” миллий ҳаракат режаси тасдиқлангани, Гендер комиссияси тузилгани, маҳаллаларда эса 9,4 мингдан ортиқ аёллар фаоли ва ёшлар етакчиси лавозимлари жорий этилгани қайд этилди. 

Президент ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида ҳар йили кўплаб хотин-қизлар раҳбарликка тайёрланмоқда. Айни вақтда раҳбарлик лавозимларида уларнинг улуши 35 фоизга етган.

Халқаро анжуман иштирокчилари давлатлар ва халқаро ташкилотлар ўртасида мустаҳкам ҳамкорликни ривожлантириш ва YW4P ташаббусини янада кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.

Н.Абдураимова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech