Халқаро ҳамжамият Ғазодан хавотирда

Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий амалиётни кенгайтириш ва Фаластин маъмуриятига қарши сиёсий босимни кучайтириш режаси халқаро ҳамжамиятда кескин норозилик уйғотмоқда. Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир Бош вазир Биньямин Нетаньяхудан Фаластин маъмурияти (PA)ни ағдариш бўйича “тезкор чора кўриш”ни сўрамоқда. Мулозим бу қарорини Президент Маҳмуд Аббоснинг Қуролсиз Фаластин давлати тузиш ташаббусига жавобан эълон қилган. Аббос сўнгги чиқишларида Ғазо секторини ҳам ўз ичига олган мустақил давлат учун сайловга тайёргарлик кетаётганини айтди. Бу баёнотлар Европа ва бошқа минтақалардаги ўнлаб мамлакатлар Фаластин давлатини тан олиш сари қадам қўяётган бир даврга тўғри келмоқда.

Бен-Гвирнинг фаластинликларга нисбатан ирқчиликка асосланган кескин қараши аввал ҳам Исроил ичи ва ташқарисида кўп бор баҳс-мунозара келтириб чиқарган. БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш огоҳлантирганидек, Ғазони тўлиқ эгаллаш фикри минтақа тарихида “яна бир фожиавий боб” очиши мумкин. Унинг ёрдамчиси Мирослав Енча Ташкилот Хавфсизлик Кенгашидаги чиқишида айни қарор икки миллиондан зиёд бегуноҳ аҳоли ҳаётига бевосита хавф туғдиришини айтди.

Исроил матбуоти ёзишича, режа доирасида 2025 йил 7 октябргача Ғазо шаҳридан 800 мингга яқин одамни кўчириш кўзда тутилган.

Енча эса секторда аллақачон “тасаввур қилиб бўлмайдиган даражадаги гуманитар фалокат” кузатилмоқда ва бу режа амалга ошса, янада оғир оқибат юзага келади. У Халқаро суднинг 2024 йил 19 июлдаги маслаҳат хулосасини эслатиб, Исроил Фаластин халқининг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқига тўсқинлик қилмаслиги лозимлигини таъкидлади.

Исроил ҳарбийлари ҳужуми давом этаркан, гуманитар ташкилотлар ва оммавий ахборот воситаларига қаратилган зарбалар ҳам кучаймоқда. Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Исмоил Бағоий Ғазода журналистларга уюштирилган сўнгги ҳужумни “қасдли ҳаво зарбаси” сифатида кескин қоралади. Фаластинлик собиқ футбол юлдузи Сулаймон Ал-Убайд ва Ал Жазира телеканали икки мухбири Ғазодаги Ал-Шифо тиббий муассаси яқинидаги матбуот чодирига берилган зарба туфайли ҳаётдан кўз юмди. Расмий маълумотга кўра, шу тариқа можаро давомида ҳалок бўлган ҳамкасбларимиз сони 237 нафарга етди.

БМТ махсус маърузачиси Францеско Альбанезе халқаро спорт ташкилотларига Исроил жамоаларини мусобақалардан четлатиш чақириғини йўллади. У “спорт геноциддан холи бўлиши керак” дея таъкидлади. Халқаро ҳамжамият вакиллари ва ҳуқуқ ҳимоячилари Исроилнинг кенгайтирилган ҳарбий режасини бекор қилиш, зудлик билан доимий ўт очишни тўхтатиш ва Ғазо аҳолиси уйига қайтишини таъминлашга чақирмоқда.

Мусулмон Зиё, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech