Хато фикр: Иқлим инқирози менга тааллуқли эмас…
Иқлим ўзгаришидан, деярли, ҳамма ташвишда. Афсуски, кўпчилик бу хавф ўзига эмас, бошқаларга кўпроқ таъсир қилади, деб ўйлайди. Мутахассислар фикрича, айнан шу хато фикр иқлим инқирозига қарши курашни секинлаштираётган асосий омиллардан бири бўлиши мумкин.
Швециянинг Гётеборг университети олимлари 17 давлатда ўтказилган 83 тадқиқотни таҳлил қилиб, 70 000 дан ортиқ фикрни ўрганди. Натижа инсонларнинг 65 фоизи иқлим ўзгариши оқибати ўзига камроқ, бошқаларга кўпроқ зарар етказади, деб ўйлаётганини кўрсатди.

Айни ҳолат айниқса кўҳна қитъада яққол кўзга ташланган. Қитъа глобал ўртача кўрсаткичдан икки баробар тез исиб бораётганига қарамай, кўплаб европаликлар хавфни ҳамон жиддий ҳис қилмаяпти. Оқибатда кучли иссиқ тўлқини, тошқин ва бўрон тобора кўпайиб, миллиардлаб евролик зарарни юзага келтирмоқда, минглаб одамлар ҳаётига зомин бўлмоқда.
Таъкидланишича, киши ўзини “умумий жамият” билан солиштирганда, хавфни кам кўради. Яъни, “инсоният азият чекади, мен эмас” деган ёндашув устун келади. Бу эса шахсий ҳаракатга салбий таъсир этади— энергияни тежаш, экологик турмуш тарзини танлаш ёки иқлим сиёсатини қўллаб-қувватлашга нисбатан рағбатни сусайтиради.

Қизиқ жиҳати шундаки, Хитой ва Жанубий Кореядаги фермерлар орасида “бу менга тааллуқли эмас” мазмунидаги фикр деярли учрамаган. Демак, шахсий тажриба иқлим хавфини ёрқинроқ англаш имконини беради.
Мутахассислар огоҳлантиришича, агар иқлим ўзгариши “бошқалар муаммоси” сифатида қабул қилинаверса, мослашув ва олдини олиш чораси кечикади. Муаммо эса тобора кучаймоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА
Ўзбекча
English
Русский