МУНОСАБАТ
Дунё шиддат билан ўзгармоқда. Глобал рақобат, ижтимоий таркибдаги ўзгаришлар, технологиялар тараққиёти ва экологик хавф-хатарлар барча давлатларни илм ва маърифатга асосланган сиёсат юритишга чорламоқда. Бундай шароитда таълим ва тарбия нафақат миллий тараққиётнинг, балки халқаро барқарорликнинг ҳам асосий омилига айланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 23 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясидаги нутқи ана шу масалаларга бағишланиб, таълим ва тарбияни миллий ва халқаро сиёсатнинг марказий йўналиши сифатида белгилади. Президентнинг ушбу нутқи орқали Ўзбекистон ўзининг халқаро саҳнадаги ўрнини нафақат геосиёсий, балки маърифий етакчи сифатида ҳам намоён этди.
Президент нутқида келтирилган рақамлар мамлакатдаги ислоҳотларнинг самарасини яққол кўрсатади: камбағаллик даражаси 35 фоиздан 6,6 фоизгача камайтирилди, мактабгача таълим қамрови 27 фоиздан 78 фоизгача, олий таълим қамрови эса 9 фоиздан 42 фоизгача оширилди. Бу рақамлар ортида изчил, аниқ мақсадли ва стратегик ёндашувлар мужассам. Камбағалликни камайтириш бўйича кўрилган чоралар, биринчи навбатда, аҳоли учун тенг имкониятлар яратиш, таълим ва касб-ҳунар соҳаларига инвестиция киритишга қаратилган.
Ўзбекистон таълим соҳасига катта сармоя киритмоқда. 2023 йилда давлат бюджети ҳисобидан таълимга ажратилган маблағлар ЯИМнинг тахминан 5,47 фоизини ташкил этган. Бу кўрсаткич ривожланаётган мамлакатлар учун юқори бўлгани ҳолда, билим ва инсон капиталига инвестиция киритиш давлат сиёсати даражасига кўтарилганини англатади.
Мамлакатда мактабгача таълим соҳасида ҳам муҳим ютуқларга эришилди. БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси маълумотларига кўра, 2019-2023 йиллар давомида мактабгача таълимни ривожлантириш стратегияси доирасида вилоятлар ўртасидаги фарқ камайтирилиб, инфратузилмалар кенгайтирилди. Бу, ўз навбатида, таълимга тенг фойдаланиш имкониятларини оширишга хизмат қилмоқда.
Олий таълим қамровининг 9 фоиздан 42 фоизгача ошиши фақатгина билимга бўлган эҳтиёж эмас, балки бозордаги талабнинг ўзгаришини ҳам акс эттиради. Таълим ва меҳнат бозори ўртасидаги боғлиқлик мустаҳкамланиб, касбий етук кадрлар тайёрлашга катта эътибор қаратилмоқда.
Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, таълимга сармоя келажакка йўналтирилган энг самарали инвестиция ҳисобланади. Ҳар бир ажратилган маблағ инсон капитали, илм-фан ривожи, инновацион технологиялар, экспорт салоҳияти ва халқаро рақобатбардошликка хизмат қилади.
Президент ўз нутқида таълим соҳасини халқаро стандартлар ва дастурлар билан интеграция қилиш зарурлигини алоҳида таъкидлади. Хусусан, касб-ҳунар таълими тизимида Cambridge, IB, A-Level каби халқаро дастурларни жорий этиш, талабаларни халқаро ва ички бозорга мос равишда тайёрлаш кўзда тутилмоқда. Бу, ўз навбатида, ёшларга халқаро академик мобилликда, илмий-тадқиқот ва таълим дастурларида фаол иштирок этиш имконини яратади.
Бундай ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон таълим соҳасидаги «магнит» давлатга айланиш сари қатъий қадам ташламоқда. Янги Ўзбекистон университети каби таълим муассасалари, инглиз тилида таълим бериш амалиёти, жаҳон университетлари билан ҳамкорликдаги дастурлар барчаси глобал таълим фазосига интеграциялашувнинг ёрқин намунасидир.
Бундан ташқари, маълумотлар базаси ва электрон статистика тизимларини ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Самарали сиёсат аниқ ва ишончли маълумотларга асосланиши керак. Бу, ўз навбатида, таълим сиёсатининг илмий таҳлилга асосланган ҳолда шаклланишига хизмат қилади.
Президент нутқида таълим билан бирга глобал муаммоларга ҳам эътибор қаратилди. Жумладан, иқлим ўзгариши, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, экотизимларни тиклаш, минтақавий интеграция, гендер тенглиги ва ёшлар сиёсатини ривожлантириш — буларнинг барчаси БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари билан уйғундир. Бу Ўзбекистоннинг халқаро миқёсда масъулиятли иштирокчи сифатидаги мавқеини янада мустаҳкамлайди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон бошқа давлатларга ҳам муҳим сигнал йўлламоқда: ривожланиш йўлида маърифий ва тарбиявий омиллар четда қолмаслиги керак. Мафкура ва маърифат – бу стратегик ресурслардир. Ўзбекистон бу борада нафақат ўрганувчи, балки бошқа мамлакатларга йўл кўрсатувчи фаол етакчи сифатида ўзини намоён этмоқда.
Ҳозирги глобал сиёсий шароитда минтақавий ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон томонидан илгари сурилаётган транспорт коридорлари, савдо йўлаклари, логистика лойиҳалари ва интеграциявий ташаббуслар мамлакатнинг транзит салоҳиятини ошириш билан бирга, халқаро стратегик ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади.
Шу маънода, Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясидаги нутқи Ўзбекистоннинг таълим ва тарбия соҳасидаги стратегик қарашларини халқаро майдонда эълон қилган муҳим воқеадир. Бу Ўзбекистонни жаҳон ҳамжамиятида билим ва маърифат йўлидаги фаол ҳамда етакчи давлат сифатида намоён этишга хизмат қилади.
Агар таълимни стратегик ресурс сифатида қабул қилсак, тарбияни миллий ва умуминсоний қадриятлар билан уйғунлаштирсак, Ўзбекистон нафақат ривожланувчи мамлакат, балки халқаро майдонда намуна бўла оладиган давлатга айланади.
Шаҳноза Акрамова, профессор
ЎзА
- Қўшилди: 26.09.2025
- Кўришлар: 175
- Чоп этиш