Янги Ўзбекистонни янгиланган Конституцияси: инсонпарвар, демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг мустаҳкам асоси

30 апрель – Халқ иродаси намоён бўлган кун

Кишилик жамияти пайдо бўлгандан буён, ўзининг узоқ йиллик тараққиёт йўлини босиб ўтди. Инсонлар ўртасидаги муносабатлар ибтидоий жамоа тузуми даврида урф-одатларга асосланган бўлса, кейинчалик, давлатни пайдо бўлиши билан ўзаро муносабатлар маълум бир қонунлар асосида тартибга солинадиган бўлди.

Фарангистонлик файласуф Шарл-луи Монтескьё: “Эркинлик – хоҳлаганча иш тутиш, дегани эмас. Эркинлик қонун йўл қўйган ҳар қандай ишни бажариш ҳуқуқи билан белгиланади. Агар фуқаро қонунда тақиқланган ишга қўл урса, эркинликдан марҳум бўлади” деганининг ўзи, бундан олти юз йил аввал жамиятни илғор кишилари томонидан, нафақат давлат бошқаруви, балки, инсонларнинг эркинлиги, ўзаро муносабатлари ҳам қонунлар асосига қурилиши керак, деган ғоя илгари сурилганлигини кўрсатади. Юқоридагилардан хулоса қилиш мумкинки, инсоният тараққиёт даври якунида унинг энг муҳим ютуғи жамият ва давлат ишларини қонунлар билан бошқариш керак деган хулосага келинганлигидадир. Демак, Конституция (лотинча “constitutio” – “тузулиш”, “ўрнатиш”) ҳужжатини яратилиши айнан жамият тараққиётининг маҳсули ва инсоният томонидан давлат бошқарувида қонун устуворлигини таъминлашга бўлган эҳтиёж самарасидир.

Дарҳақиқат, фикримизни далили сифатида бугунги кунда кўпчилик давлатлар томонидан ўз Конституциясига андоза қилиб олган Америка Қўшма Штатлари Конституциясини мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Чунки, АҚШ Конституцияси дастлаб қабул қилинганда, унинг вазифаси давлат ҳокимияти ваколатларини тақсимлаш, яъни, ҳокимиятлар бўлиниши принципини жорий қилиш ва шу асосда давлат ҳокимиятини маълум бир маънода чеклаш орқали инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдан иборат бўлган. Яъни, Америка Конституцияси дастлаб қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти бўлиниши принципини тадбиқ этиш, шунингдек, федерация ва унинг субъектларининг ваколатларини белгилашдан иборат бўлган. Эътибор беринг, бугун дунёда классик конституционализмга асос бўлган АҚШ Конституциясида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, демократик жамият барпо этиш ҳақида деярли сўз юритилмаган. Америка Конституцияси инсон ҳуқуқларига зид бўлган қонунларни қабул қилиш мумкин эмаслиги ҳақида мамлакат вакиллик органи - Конгрессга қатъий вазифа юклаган. Бироқ, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган нормалар, АҚШ Конституциясига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга асосан киритилган. Дунёдаги “энг кичик ва ўзгармас” Конституция номини олган Америка Конституциясига 27 маротаба тузатишлар киритилган. Бундан кўринадики, Конституция ҳужжати бу ўзгармас, қотиб қолган ҳужжат эмас, унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши бу мамлакат тараққиёти, унинг тарихий ривожланиш босқичлари билан узвий боғлиқдир. Айнан шунинг учун ҳам АҚШ Конституциясида унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тартиби алоҳида қоидада белгилаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигига эришгандан сўнг, 1992 йил 8 декабрь куни ўзининг мустақил Конституциясини қабул қилди. Қарийиб 30 йил давомида мустақил давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий асосларини мустаҳкамлаб берган Бош Қомусимиз муқаддима, 6 бўлим, 26 боб, 128 моддадан иборат бўлган эди.  

Мазкур Конституция 2023 йил 30 апрель куни умумхалқ референдуми асосида янги таҳрирда қабул қилингунга қадар миллий давлатчилигимизнинг асосий тамал тоши - ягона Қонун ҳужжати сифатида мамлакатимиз тараққиётида муҳим роль ўйнади.

Кейинги йилларда Янги Ўзбекистоннинг дунё тамаддунида мустаҳкам ўрин эгаллаши ва мамлакат тарарққиётини янги босқичга чиқиш эхтиёжи Ўзбекистон Республикаси Конституциясини янги таҳрирда қабул қилиш заруратини кун тартибига олиб чиқди.

Мамлакатимиз Президенти Ш.М.Мирзиёев таъкидлаганларидек, “Мамлакатимиз тараққиётини янги поғонага олиб чиқиш учун бошқарув ҳам, қонунчилик ҳам, жамиятимиз ҳам ўзгариши керак. Агар шундай қилмасак, муаммоларни кўриб, кўрмасликка олсак, замондан орқада қоламиз. Халқимиз, ёш авлодимиз биздан рози бўлмайди. Шу боис, “Аввал – инсон, кейин – жамият ва давлат” деган ғояни Конституциямиз ва қонунларимизга ҳам, кундалик ҳаётимизга ҳам чуқур сингдиришимиз керак. Ҳозирги кундаги жиддий синовлар ва башорат қилиб бўлмайдиган хавф-хатарларни енгиб ўтишга қодир бўлган миллий давлатчилигимиз асосларини мустаҳкамлашимиз зарур” эди. Замоннинг ўзи олдимизга қўйган ушбу вазифа Янги Ўзбекистоннинг янгилаган Конституциясини ишлаб чиқиш ва қабул қилишни таъқозо этди. Энг муҳими, халқимиз ҳам Янги Ўзбекистоннинг келгусидаги тараққиётини таъминлашга қодир бўлган  Конституциясини янги таҳрирда қабул қилиш зарурлигини қалбдан ҳис этаётган эди.

Мамлакатимизда 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган референдумда иштирок этган фуқароларнинг 90,21 фоизи янги таҳрирдаги Конституциямизни ёқлаб овоз бергани ҳам юқоридаги фикримизни яққол тасдиқлайди. Янгиланган Конституциямиздаги моддалар 128 тадан 155 тага, унинг нормалари эса, 275 тадан 434 тага ошди. Асосий Қонун 65 фоизга янгиланиб, 6 бўлим, 27 боб, 155 та моддадан иборат бўлди. Энг муҳими, янгиланган Конституцияда халқимизнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги орзу-умидлари ва интилишлари ўз аксини топди.

Шу ўринда, янгиланган Конституцияни энг муҳим жиҳатларига эътиборингизни қаратмоқчимиз.

Эътироф этиш жоизки, янги таҳрирдаги Конституцияда ҳуқуқий давлат принципини амалга оширишга қаратилган механизмлар ҳамда уларнинг кафолатлари мустаҳкамланди.

Биринчидан, аввалгидан фарқли ўлароқ, Конституция мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга эканлиги ва тўғридан-тўғри амал қилиши ҳамда ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этишига тааллуқли конституциявий нормалар мустаҳкамлаб қўйилди. Натижада давлат органлари, хусусан, судлар ўз фаолиятини амалга ошириш давомида Конституция моддаларига тўғридан тўғри мурожаат қилган ҳолда қарорлар қабул қилиш ҳуқуқи конституциявий даражада мустаҳкамланди.

Иккинчидан, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқ ва Конституция нормаларига асосланган ҳолда мустаҳкамланиб, улар қонунчилик ва давлат органлари фаолияти амалга оширилишининг мазмун-моҳиятини белгилаши кафолатланди. Шундай қилиб, давлатнинг инсонга нисбатан ҳуқуқий таъсир доираси қонунларда белгилаб қўйилган вазифаларни амалга ошириш учун етарли ва уларга мувофиқ бўлиши шартлиги ҳамда фуқаролар ва давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча муаммолар ва тушунмовчиликларни фуқаролар фойдасига талқин қилиниши мустаҳкамланди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан Конституциямизни янги таҳрирда қабул қилиниши билан мамлакатимизда, аввало, сиёсий барқарорлик ҳамда осойишталикни мустаҳкамлашга, фуқаролик жамиятини барпо этишга, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини тўлақонли ҳимоя қилишга, жамиятимиз ривожи ва халқимиз фаровонлигини таъминлашга мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилди.

Янгиланган Конституциянинг яна бир муҳим нуқтасига эътибор қаратсак. Бизнинг фикримизча, аввалги Бош қомус (1992 йил 8 декабрдаги таҳрири 93-моддаси) Ўзбекистон Республикаси Президенти зиммасига – фуқароларнинг  ҳуқуқлари ва эркинликларига, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига риоя этилишининг кафили, вазифасини юклаган бўлса, янги таҳрирдаги Конституция билан эса, мамлакат Президентига – “фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига риоя этилишининг, Ўзбекистон Республикаси суверенитети, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигининг кафилидир, миллий-давлат тузилиши масалаларига доир қарорларни амалга ошириш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўради” мазмундаги жуда улкан ва катта масъулият юклатилди.  

Ҳеч муболағасиз айтиш мумкин, янги таҳрирдаги Конституциянинг қабул қилиниши “Инсон қадри учун” тамойили асосида халқимиз фаровонлигини янада оширишга ҳамда давлат ва фуқаролик жамиятининг ривожланиши учун мустаҳкам асос бўлиб яна узоқ йиллар хизмат қилади.

2023 йил 30 апрель куни бўлиб ўтган умумхалқ референдумида Ўзбекистон Республикаси Конституциясини янги таҳрирда қабул қилиниши эса, халқимиз тафаккури ва ҳуқуқий онги ривож топганганлиги, энг муҳими, эртанги кунга бўлган қатъий ишончининг амалдаги тантанаси бўлди.

АБДУМАННОБ РАХИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судьяси, юридик фанлар номзоди.

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech