Зўравонлик бўйича суд ишларида прокурор иштироки таъминланади

Мамлакатимизда турли тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларини бартараф этиш, бундан жабр кўрган шахсларни ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Айниқса, зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқларини тиклаш, уларга кўмак кўрсатиш борасида муҳим саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.

Эндиликда тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган шахсларни ҳимоя қилиш, уларга сифатли ва тезкор ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини мустаҳкамлашнинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилмоқда. Хусусан, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, унда бир қатор муҳим нормалар ўз аксини топмоқда.  

Жумладан, Фуқаролик процессуал кодексига тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларнинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича суд томонидан кўриб чиқиладиган ишларда мажбурий тартибда прокурорнинг иштирокини таъминлаш билан боғлиқ қўшимчалар киритилмоқда.  

Шунингдек, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган, бирламчи кўмак хоналарига ёки Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳудудий марказларига жойлаштирилган хотин-қизлар учун банк картасини тиклаш соддалаштириляпти.  

Мазкур қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси йиғилишида қизғин муҳокама қилинди. Фракция аъзолари партия дастурий вазифаларига ҳамоҳанг бўлган қонун лойиҳаси бўйича ўз таклиф ва тавсияларини билдирди. Шунингдек, бир қатор аниқлаштирувчи саволларни кўтарди. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши зўравонликдан жабр кўрганларни ҳимоя қилишга, уларнинг сифатли ижтимоий хизмат олишига хизмат қилади.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech