30 июль куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси аъзоси сифатида "Иқлим ўзгариши бўйича маслаҳат хулосалари – давлатлар жавобгарлигининг ҳуқуқий асоси: Инсон ҳуқуқлари бўйича Америка давлатлараро судининг иқлим фавқулодда ҳолати ва инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги хулосаси" мавзусидаги халқаро вебинарда иштирок этди.
Тадбир Сингапур Миллий университетининг Халқаро ҳуқуқ маркази (NUS Centre for International Law) томонидан ташкил этилди. Унда халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги етакчи мутахассислар қатнашди.
Вебинар Инсон ҳуқуқлари бўйича Америка давлатлараро суди ва БМТ Халқаро судининг иқлим ўзгариши шароитида давлатларнинг мажбуриятлари бўйича яқинда қабул қилинган маслаҳат хулосаларини муҳокама қилишга бағишланди. Муҳокама давомида таъкидланганидек, ушбу қарорлар ҳар бир инсоннинг мусаффо, соғлом ва барқарор атроф-муҳитга эга бўлиш ҳуқуқини мустаҳкамлайди, давлатларнинг иқлимга зарар етказишнинг олдини олиш, хусусий субъектлар фаолиятини тартибга солиш мажбуриятини тасдиқлайди ҳамда зарар кўрган давлатлар ва халқлар учун жавобгарлик ва зарарни қоплашнинг халқаро механизмларини шакллантириш учун асос яратади.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, "Ўзбекистон – 2030" стратегияси "яшил" иқтисодиётни ривожлантириш ва экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2025 йил мамлакатда Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва "яшил" иқтисодиёт йили деб эълон қилингани Ўзбекистоннинг глобал иқлим кун тартибига содиқлигини акс эттиради.
Вебинарни Сингапур Миллий университетининг Халқаро ҳуқуқ марказиг катта илмий ходими Даниэл Йоу очди ва бошқарди.
Асосий маърузачилар қаторида Сингапур Миллий университетининг Халқаро ҳуқуқ маркази директори доктор Нилуфер Орал, Франциянинг Экс-Марсел университети профессори Элен Тигружа, Сингапур Миллий университетининг катта илмий ходими доктор Хараламбос Жианнакопулос, “ClientEarth” ташкилотининг ҳуқуқий маслаҳатчиси Элизабет Ву ва Чили Ташқи ишлар вазирлигининг Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг кўп томонлама тизимлари ва икки томонлама муносабатлар департаменти раҳбари Каталина Фернандес Картер сўзга чиқди.
А.Саидов халқаро тажриба алмашиш ва инсон ҳуқуқларини глобал иқлим кун тартибига интеграция қилиш ёндашувларини мустаҳкамлашга ҳисса қўшадиган бундай муҳим тадбирда иштирок этиш имконияти яратилгани учун вебинар ташкилотчиларига, айниқса, профессор Элен Тигружага миннатдорчилик билдирди.
Ушбу вебинарда иштирок этиш глобал иқлим муаммолари шароитида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш ва бу борада халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ташаббусларни илгари суришда муҳим қадам ҳисобланади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 30.07.2025
- Кўришлар: 269
- Чоп этиш