Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 21 апрель куни Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди.

Унда сенаторлар, маҳаллий Кенгашлар доимий комиссиялари раислари, Ёшлар парламенти аъзолари, экспертлар, қонун ташаббускорлари, манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Сенаторлар таъкидлаганидек, бугунги кунда суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш борасида қатор муаммолар мавжуд.

Хусусан, ижро ҳужжати шакллантирилганда суд томонидан жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР) ёки юридик шахснинг солиқ тўловчи идентификация рақами (СТИР) киритилмаётганлиги сабабли ижро ҳужжатларини электрон тарзда шакллантириш, улар бўйича пул маблағларини автоматлаштирилган тарзда тақсимлаш ва ундирувчига давлат ижрочисининг аралашувисиз ўтказиш имкони мавжуд эмас.

“Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунда фуқаролардан қарздорликлари учун ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган энг кам кафолатланган даромад миқдори белгиланмаган.

Давлат ижрочиларида ижро ҳаракатларини амалга оширишда мобил видеокузатув воситаларидан фойдаланиш ҳуқуқининг мавжуд эмаслиги нохуш ҳолатларга сабаб бўлмоқда.

Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун мансабдор шахсларга белгиланган маъмурий жазолар содир этилган қилмишга нисбатан мутаносиб эмас.

Юқоридаги ҳолатларни бартараф этиш мақсадида мазкур Қонун ишлаб чиқилган.

Хусусан, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунга:

– ундирувчи жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини ва ундирувчи юридик шахснинг солиқ тўловчи идентификация рақамини ижро ҳужжатида кўрсатиш;

– ижро ишини юритиш доирасида қабул қилинган қарорлар ва бошқа ҳужжатлар ижро ишини юритишда иштирок этувчи жисмоний шахсларга уларнинг Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги шахсий кабинети орқали, шунингдек юридик шахсларга солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали юборилиши;

– қарздор жисмоний шахсларнинг банклардаги ёки бошқа кредит ташкилотларидаги ҳисобварақларида ҳамда омонатларида турган ёки сақлашга қўйилган пул маблағларига ундирув қаратилиши лозим бўлган пул маблағлари миқдорини аниқлашда меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг ярми миқдоридаги пул маблағлари ҳисобга олиниши ва бу миқдорга ундирув қаратилмаслиги;

– давлат ижрочисининг ижро ҳаракатларини амалга оширишда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ мобил видеокузатув воситаларидан фойдаланишини белгиловчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, Фуқаролик процессуал ва Иқтисодий процессуал кодексларига ҳамда Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга суд ҳужжати асосида бериладиган ижро варақаси QR-код билан тасдиқланган ҳолда судьянинг электрон рақамли имзоси билан расмийлаштирилиши, тарафларнинг илтимосномасига кўра – суднинг муҳри билан тасдиқланган ҳолда қоғоз шаклда берилиши, ижро варақаси ундирувчи жисмоний шахсларга уларнинг Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги шахсий кабинети орқали, ундирувчи юридик шахсларга эса солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали юборилиши, ундирувчи жисмоний шахснинг шахсий кабинети мавжуд бўлмаса, ижро варақаси унга қоғоз шаклда берилиши билан боғлиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Қонуннинг яна бир аҳамиятли жиҳати. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 1982-моддасида айрим турдаги суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун назарда тутилган жарималар миқдори оширилмоқда.

Сенаторлар томонидан ушбу Қонуннинг қабул қилиниши фуқаролар, жамият ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда инсон омилини камайтиришга, мажбурий ижро этиш тизимини янада такомиллаштиришга хизмат қилиши алоҳида қайд этилди.

Кўриб чиқилган масалалар бўйича Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

 Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech