Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия томонидан мамлакатимизда ходимларни ўз хизмат вазифаларига кирмайдиган ишларга жалб этиш, шунингдек, мажбурий меҳнат ҳолатларини аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш мақсадида мунтазам таҳлил ишлари амалга ошириб келинмоқда.
Жорий йилги пахта йиғим-терими мавсумида ҳам мажбурий меҳнатнинг олдини олишга қаратилган кенг кўламли профилактик ва тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Бу жараёнда Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан миллий мониторинг ҳамда Давлат меҳнат инспекцияси томонидан мониторинглар ўтказилмоқда.
Мавсум давомида фуқаролар томонидан тушаётган мурожаатларни тезкор кўриб чиқиш ҳамда меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг “1176” ҳамда Касаба уюшмалари Федерациясининг “1092” рақамли Ишонч телефонлари узлуксиз фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида “Munosibmehnat.uz” телеграм боти орқали мурожаат юбориш имконияти ҳам йўлга қўйилган.
Мониторинг жараёнларида фақат мажбурий меҳнат ҳолатлари эмас, балки меҳнат қонунчилигига риоя этилиши, теримчилар учун муносиб меҳнат ва дам олиш шароитларининг таъминланиши ҳам ўрганилмоқда.
Олиб борилган ўрганишлар натижасида 300 дан ортиқ ҳолатда теримчи ва иш берувчи ўртасида меҳнат муносабатлари қонуний асосда расмийлаштирилиши таъминланди, теримчилар учун муносиб меҳнат шароитлари яратилди.
Шу билан бирга, 11 та ҳолатда меҳнат қонунчилиги бузилгани, 3 та ҳолатда эса мажбурий меҳнатга йўл қўйилгани аниқланиб, масъул шахсларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49 ва 51-моддалари асосида қонуний чоралар кўрилди.
Миллий комиссия бундай ҳолатларни қатъиян қоралайди ва мажбурий меҳнат фақат пахта теримида эмас, балки барча соҳаларда мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолат эканлигини таъкидлайди. Шу муносабат билан барча иш берувчилар ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари ходимларнинг Конституция ва қонунлар билан кафолатланган меҳнат ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлашга чақиради.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, қулай меҳнат шароитларида ишлаш ҳамда меҳнати учун адолатли ҳақ олиш ҳуқуқига эга. Мамлакатимизда мажбурий меҳнат тақиқланган ва миллий қонунчилигимизда болалар меҳнати ҳамда мажбурий меҳнат учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
- Қўшилди: 25.09.2025
- Кўришлар: 197
- Чоп этиш